Илиқлаша бошлади...


Иқлим ўзгариши ҳақидаги хабарлар оммавий ахборот воситаларида тобора кўп янграй бошлади. Ўн йил ўтар-ўтмас, глобал исиш сайёрада очлик келтириб чиқариши ҳақидаги хавотирли тахминлар, қолаверса, тобора кўпроқ ҳаётга зомин бўлаётган табиий офатлар сергакликка ундайди.

Тошкент каби мегаполисларда иқлимий жараёнлар қандай пайдо бўлади ва иқлим ўзгаришида катта шаҳарлар қандай роль ўйнайди, нимани кутиш ва нимага тайёр туриш кераклигини Anhor.uz жамоаси ўрганди.

Иқлим ўзгариши нима ва унинг хавфлилиги нимада?
"Ҳозир ҳамма глобал исиш гипнози остида. Бу атама Ленинград давлат университети профессори К.Я.Кондартьев томонидан таклиф этилганди. Ўша пайтларда олим бу ҳодисани табиий жараёнларга боғлаганди, 80- йилларда эса, бу тушунчадан умуман воз кечди".

Пертров Ю.В.
Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ профессори, иқлимшунос

Замонавий илмий ҳамжамият "глобал исиш" атамасидан четланади, чунки сайёрада рўй бераётган ўзгаришлар турфа хил, турли интенсивликда кечмоқда, шу сабабли "глобал иқлим ўзгариши" атамасини қўллаш мақсадга мувофиқ.
Иқлимнинг табиий ўзгариши
Ернинг турли жойларидаги метеорологик кузатувлар кўрсатишича, иқлим – нобарқарор ҳодиса бўлиб, иссиқхона эффекти сайёра атмосфераси шакллангандан буён мавжуд бўлган. XIX аср охирларида исиш рўй берган, у, айниқса, 1920–30 йилларда кучайган, лекин кейин ҳарорат аста туша бошлаган. Совиш 1960 йилларда тўхтади. Ер пўсти чўкма қолдиқларини ўрганиш кўрсатдики, аввалги даврларда бундан каттароқ иқлим ўзгаришлари рўй берган, улар табиий, табиатга хос жараёнлар сабаб бўлган.

Иқлим ўзгариши ва озон қатламини муҳофаза қилиш масалаларига бағишланган халқаро танлов фотосуратлари, uznature.uz
Лекин ҳозирда рўй бераётган иқлим ўзгаришлари табиий циклларга ҳеч мувофиқ келмайди, чунки у мунтазам, босқичма-босқич ва фавқулодда жадал рўй бермоқда.
Иқлимий миқёслар
глобал
Кейинги 100 йил давомида сайёранинг ўртача йиллик ҳарорати 0,74 ºСга ўсди, чунончи, фақат 1990 йилдан 2000 йилгача бўлган ўн йилликда ўсиш 0,4 ºСни ташкил этди. Иқлим ўзгариши бўйича экспертлар ҳукуматлараро гуруҳи – иқлим масаласидаги энг обрўли халқаро ташкилот прогнозларига кўра, XXI охирларига бориб Ер ҳарорати 1,8 дан 4,6 ºСгача кўтарилади.
минтақавий
Турон пасттекислиги (Марказий Осиё минтақасининг географик белгиланиши) минтақаси кўп жиҳатдан иқлим ўзгаришларига боғлиқдир. Биринчи навбатда бу тоғ тизимларига таъсир, музликларнинг эриши ва сувдан фойдаланиш муаммолари билан боғлиқ. Ўзбекистонда кейинги ўн йилликларда исиш суръати 0,2°Сдан ортади.
мезоиқлим
Ўнлаб километрли масофани қамраб олади. Бу шаҳар иқлимидир. У, одатда, иссиқроқ ҳароратга эга бўлади. Ўртача, Тошкентдаги ҳаво ҳарорати ҳар йили 0,018°Сга ортади.
наноиқлим
Бу – хонадонлар ва хоналар иқлимидир. У уйнинг қурилиши тўғри эканлигига, иситиш тизимига, шамоллатишга ва бқоша кўплаб омилларга боғлиқдир. Хонадонда энг қулай ҳаво ҳарорати 18-22°С деб ҳисобланади.
Глобал жараёнларга таъсир барча миқёсларда рўй беради. Уйларни иситиш ва совутишда энергия истеъмол қилиш, углеводород ёқилғини ёқиш – иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир. Шаҳарларнинг жўшқин ривожланиши "юқори ҳаорат ороллари"ни яратади, улар минтақа ва сайёранинг умумий иқлимий манзарасига сезиларли таъсир кўрсатади.
Бунинг сабаби – иссиқхона газларининг "иссиқ кўрпаси"дир.
Олимларнинг аксарияти исиш суръати фақат ўсиб боради, деган фикрда якдил.

Ўзбекистонда иқлим ўзгариши рўй бермоқда ва буни қимматбаҳо жиҳозларга эга бўлмай ҳам кузатиш мумкин. Масалан, 2007–2008 йилларда аномал совуқ қиш кузатилди, ўшанда мамлакатнинг бутун ҳудуди бўйлаб термометр устунлари -30 даражага тушиб кетди. 2009 йилда эса, бунинг акси бўлди. Январь ойи ўрталарида илиқ ҳарорат – +10 даража атрофида кузатилди. Ҳатто, баҳор келгандек, шаҳар кўкаламзорларида момақаймоқлар гуллади. Ўша ёз Тошкентда иссиқ келди, лекин 2015 йил ёзи ундан ҳам жазирамалироқ бўлди. Биринчи марта пойтахт ҳавоси республиканинг жануброғидаги шаҳар – Термиздагидан кўра кучлироқ қизиди.

Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари
қуруқ иссиқ мавсум даврийлигининг узайиши;
кучли ёғинли кунларнинг кўпайиши ва ёғинларнинг кескин ўзгариши;
тоғларда қор захираларининг қисқариши ва музлашнинг деградациялашуви;
сел хавфининг ортиши;
увеличение испарения по равнинной и предгорной территории;
қурғоқчилик ва экстремал камсувлилик такрорийлигининг ортиши;
сувга, биринчи навбатда суғориладиган деҳқончиликда, талабнинг ортиши;
экстремал ҳодисалар такрорланишининг ортиши.
Глобал даражада бу фақат табиат кўрсаткичларининг ўзгариши эмас, балки қишлоқ хўжалиги учун шароитлар ўзгариши ҳамдир. Бинобарин, бу озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид, экстремал табиат ҳодисалари кўпайиши демакдир.
Марказий Осиё учун илиқроқ қишлар ва қурғоқчил ёзлар тенденцияси минтақанинг кўп қисмида тахмин қилинмоқда, бу эса музликларнинг қисқаришига ва Помир ҳамда Тянь-Шань тоғларидаги абадий музликларнинг эришига туртки бўлади. Кучли ёғинлар, қурғочқилик, сув босиши ва сел келиши хатари кучаяди. Табиийки, иқлим ўзгариши сув ресурсларининг миқдори ва сифатига, қишлоқ хўжалиги ва инсон саломатлигига таъсир кўрсатиши мумкин; саҳролашув ҳамда табиий ресурслар ва экотизимлар деградацияси каби мавжуд муаммоларни янада чуқурлаштириши мумкин. Шу тариқа, барқарор ривожланиш учун узоқ муддатли истиқбол хавф остида қолади.
Шу сабабли иқлим ўзгариши у ёки бу кўринишда барчага тааллуқлидир.



Тошкентда иқлим қандай ўзгарди?
Тошкент аҳолиси ёзги қирқ даражали иссиққа кўникди, илиқ қиш ҳам ҳеч кимни қўрқитмай қўйди, фақат баҳорги совуқ тушишлари эрта гуллай бошлайдиган боғларга зарар етказмоқда. Савол туғилади: иқлим қандай ўзгаради? Кўплаб стратегиялар ишлаб чиқилган, лекин ҳеч ким аниқ айтиб бера олмайди.
1872 йилдан буён Тошкентда гидрометеорологик институт мутахассислари томонидан гидрометеорологик кузатувлр ўтказилади. Бу – узлуксиз изланишлардир. Фақат 1917 йилда танаффус бўлган. Ҳозирда Корея ташкилоти бу архивни рақамлаштириш устида иш олиб бормоқда. Бу – иқлимшунослар учун жуда муҳим маълумотлар бўлиб, уни асло йўқотмаслик керак.
Ҳозирда, айтиш мумкинки, шаҳар, "иссиқлик ороли" сифатида, исишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Мана, масалан, Тошкентда Амир Темур хиёбонида дарахтлар кесиб ташланди, энди бу майдон янада кучлироқ қизимоқда.


Пертров Ю.В.
Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ профессори, иқлимшунос
Тошкентдаги ёғинлар
  • Тошкентдаги ўртача узоқ йиллик атмосфера ёғинлари миқдори 423,4 мм.га тенг
  • Ўтган аср давомида уларнинг йиллик миқдори 60 мм.дан зиёдга ўсди.
  • Туманли кунлар йиллик миқдори ўртача 40дан 15 тага тушди.
  • Чанг бўронли кунлар сони ҳам қисқарди.
Шаҳар момақалдироқлар сонига таъсир кўрсатади. Аэропорт радар ўлчашлар маълумотларига кўра, момақалдироқларнинг энг кўп миқдори шаҳарнинг жануби-шарқий қисмига, айнан "Тошкент" аэропорти устига тўғри келади. Иқлимшунослар изоҳлашларига кўра, бунинг сабаби – ҳаво шимоли-ғарбдан келади, тўсиқлар – балан уйларга тўқнаш келади – юқорига кўтарилади ва овийди. Қудратли булутлар уюми юзага келади, у момақалдироқни юзага келтиради. Шимоли-ғарбий зона (Талабалар шаҳарчаси томон)да момақалдироқлар икки баробар кам. Шимоли-шарқ – шаҳарнинг энг тоза қисми (ҳавога нибатан), чунки у шаҳар-водий циркуляцияси таъсири остида; жануби-ғарб – энг ифлосланган ҳудуд, чунки шамоллар ўша томонга эсади.
16 йил – Жаҳон метеорология ташкилоти томонидан иқлимий ҳисоб-китоблар учун базавий деб тавсия этилган муддат ичида, барча ҳарорат характеристикалари сезиларли ўсди.
1933 йилдан 2006 йилга қадар Тошкентнинг иситувчи таъсири 0,4 даражадан кўпроқни ташкил қилди. Бу эффект ёзда кучлироқ сезилди – 0,6 даража. Ёғинлар миқдорига эса, шаҳар ўсиши аниқ салбий таъсир кўрсатди.

Тошкентда иқлим ўзгаришига нима таъсир кўрсатади?
Йирик шаҳар табиат муҳитининг деярли барча таркибий қисмларини: атмосферани, ўсимликларни, тупроқ, рельеф, ер, ер ости сувлари ва, ҳатто, иқлимни ўзгартиради. Ҳарорат, нисбий намлик, Қуёш радиациясининг шаҳар ва унинг атрофида ўзгариши кенглик бўйича табиий шароитларда анчайин сезиларли ўзгаришлар билан ўлчанади, бунда бир шароитнинг ўзгариши иккинчисининг ўзгаришига сабаб бўлади.



Саноат
Тошкент ўттизга яқин саноат корхоналари фаолият юритадиган мегаполисдир.
Шаҳар атрофида цемент заводлари мавжуд, улар ҳам атмосферага таъсир кўрсатади ва мезоиқлим ўзгаришига сабаб бўлади. Бундан ташқари, саноат корхоналари кўп энергия истеъмол қилади, у эса асосан углеводородлар ёқиш эвазига ишлаб чиқарилади.

Транспорт
ЎзР Давэкоқўмита маълумотларига кўра, 1990 йиллар бошидан бошлаб Тошкентда автотранспорт сони 2,6 баробарга кўпайди.
Шунга қарамай, автотранспортлардан зарарли моддалар ташламалари бўйича кўрсаткичлар пасаймоқда. Бу шаҳар автопаркининг янгиланиши, шунингдек ёқилғи сифатида газ – метан қўлланиши туфайли рўй бермоқда. Шаҳар автопаркининг 23 фоизи газга ўтказилган.

Демография
Тошкент Ўзбекистон Республикасининг энг йирик шаҳри саналади ва республиканинг бошқа шаҳарларини анча ортда қолдиради. Бу, кўп жиҳатдан, унинг Ўрта Осиё минтақасидаги тури маъмурий-ҳудудий тузилмалар таркибида қадимдан пойтахт мавқеига эга бўлгани билан изоҳланади. Тошкент аҳолиси, 2015 йил учун амалга оширилган жорий статистик ҳисоб бўйича, 2 371,3 минг кишини ташкил қилади.

Иссиқхона газлари (биринчи навбатда СО2)ни ташлаш ҳажми бўйича биринчи ўринлардан бирини транспорт ва углеводороларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш эгаллайди. Аҳоли сони ортгани сари бу миқдор фақат ўсади ва иқлим ўзгаришини мураккаблаштиради. Ташламалар кўпайганда ва камайганда Ер сайёраси учун оқибатлар тавсифланган кўплаб моделлар мавжуд. Ҳатто, глобал иқлим ўзгариши карбонат ангидрид гази ташламасига мутлақо боғлиқ эмаслиги ҳақида сўзловчи назариялар ҳам мавжуд. Бироқ, иқлим ўзгаришларига бағишланган нашрларнинг 97 фоизи глобал исиш саноат томонидан иссиқхона газлари, биринчи навбатда СО2 ташланиши билан боғлиқлиги назариясини қўллаб-қувватлайди.
Иқлим ўзгариши мегаполис аҳолиси ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?
" "Шаҳарлар аҳолиси учун қишлоқ жойларидан миграциянинг давом этиши катта хатар солади, чунки иқлим ўзгаришида қишлоқ хўжалигида таваккалчилик ортади ва сув ресурсларига боғлиқлик кучаяди".
"Бундан ташқари, шаҳар аҳолиси учун томорқалар ва ҳовлидаги боғларни парваришлаш мураккаблашиб боради. Тошкентда суғориш учун ичимлик сув қандай даражада қўлланилади – билмайман, лекин бу манба борган сари имконсиз бўлиб боради. Ёғинларнинг одатий ёғиши режими ўзгаради, мен ёмғир сувини тўплашга янада эҳтиёткорлик билан ёндашишга, уни келгусида суғориш учун тўплаш ва жамлаб боришни маслаҳат берган бўлардим".


Вадим Ни
Қозоғистон жамоат ташкилотлари Экофоруми раиси
озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид
Иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигининг диверсификациясини, асосий озиқ-овқат экинларининг бошқа, юқори ҳароратларга ва камсувликка чидамли навларини етиштиришни талаб қилади.
шаҳар инфратузилмаси
ўзгариши керак, чунки ёз давридаги экстремал юқори ҳароратлар инсонлар учун бошқа материалларни, бошқа шароитларни тақозо этади, масалан биноларда ҳавони кондиционерлаш зарурияти ортади, транспортда кондиционерлар бўлиши – аллақачон заруратга айланди.
соғлиқни сақлашга юклама
Ҳарорат, намлик ва босим каби кўрсаткичларнинг ўзгариши метеотаъсирчан инсонлар ўзларини ёмонроқ ҳис қилишларига олиб келади
Интенсив ифлосланган ҳаволи шаҳар туманларида яшовчи болаларда организмнинг иммунобиологик статуси кўрсаткичлари ўзгариши кузатилади. Ҳайдовчилар ва йўловчиларда ақлий ва жисмоний ишга лаёқатлилик кўрсаткичлари ўзгаради. Атмосферанинг углерод оксиди, азот оксиди, аммиак, углеводлар, олтингугуртли газ билан ифлосланиши сабабли, шаҳарларда конъюнктивит, экзема, фарингит, ларингитга чалиниш ҳоллари кўпаяди (бу газлар заҳарланишга сабаб бўлади, бундан ташқари, организмнинг ҳимоя хусусиятини сусайтиради).
Иссиқлик стресси ортиши орқали бевосита таъсирлар ва у билан боғлиқ касалликлар (юрак ишемик касалликлари, нафас аъзолари, асаб тизими, буйраклар ва б. касалликлар)гина эмас, балки билвосита таъсирлар ҳам бўлиши мумкин. Масалан, инфекцияларнинг табиий-ўчоқ ареаллари ўзгариши билан боғлиқ юқумли касалликлар сонининг ортиши, ичимлик суви сифатининг ёмонлашуви ва экологик муаммоли туманларда унинг етишмаслиги эвазига инфекциялар сонининг кўпайиши кузатилиши мумкин. Ерларнинг унумдорлиги йўқолса ва сув етишмаса, аҳолининг тўлақонли озуқа билан таъминлаш ҳам муаммога айланади.
Нима қилиш мумкин?
Асосий ҳаракатлар стратегияси
Қабул қилинадиган чоралар кенгқамровли ва режали бўлиши лозим.

Мослашув
Шаҳар аста-секин иқлим ўзгаришига мослашмоқда. Ижтимоий сиёсат ниҳоятда муҳим, чунки ўзгаришлар аҳолининг ижтимоий заиф қатламларига зарба беради. Муайян жойда яшовчи инсон уни қамраб турган муҳит шароитига мослашади. Бу муҳит хўжалик фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатади.

Мослашув инсонга иқлим шароитлари ўзгаришида зарур бўлади.


Learn more
Юмшатиш
Шаҳар ҳудудлари глобал ҳарорат кўтарилишини саноатгача бўлган даражадан 2-2,4°C юқорида ушлаб туришни таъминловчи тараққиёт йўлига эришишда ёрдам бера олади. Бу БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенция (ИЎДК) 2- моддасида келтирилган мақсадларга мувофиқдир.
Learn more
Ҳар бир шаҳар аҳли учун иссиқхона газлари ташламаларини камайтиришнинг содда усули мавжуд – бу барқарор мобилликка ўтиш, яъни шахсий автотранспортдан воз кечиб, жамоат транспортига, велосипед ва яёв ҳаракатланишга, атвомобиллардан биргаликда фойдаланишга ўтишдир.

Вадим Ни
Қозоғистон жамоат ташкилотлари Экофоруми раиси
Агар шахсий автодан воз кечиш иложсиз бўлса, атвомобилингиздан атмосферага зарарли ташламаларни чиқаришни камайтириш учун оддий қоидаларга риоя этинг, ўз навбатида, бу мураккаб бўлмаган қоидалар сизга автомобиль қисмларини яхши ҳолатда ва узоқроқ муддатга сақлашда ёрдам беради.
Шубҳасиз, атмосфера ҳавоси сифатини тўғрилашнинг энг яхши усули – дарахтлар экишдир. Буни қандай амалга оширса тўғри бўлади ва Тошкент шаҳри учун қандай турларини танлаш керак?
Иссиқхона газларини сезиларли камайтириш ва иқлим ўзгаришига оид вазиятни тўғрилашга ўз ҳиссасини қўшишдаги яна бир муҳим қадам – муқобил энергетикадан фойдаланишдир.
Иқлим ўзгариши рўй бераётгани илм-фан томонидан тасдиқланган фактдир. Тошкентликлар буни ҳис этмоқдалар, қишлар илиқроқ бўлиб қолганлигини, совуқ ва илиқ кунлар кетма-кетлиги ўзгараётганлигини, ёғинлар миқдори камаяётганлигини пайқамоқдалар. Метеотаъсирчан инсонлар буни янада кучлироқ ҳис этадилар. Иссиқхона газлари ташламаларининг камайиши бу жараённи тўхтатмаслиги, балки уни фақат секинлатиши, яхшироқ мослашишга вақт бериши, янги шароитга ўтишни юмшатишни ва ҳар биримиз бунинг учун кўп иш қила олишимизни олимлар исботлаб берганлар.


Муаллифлар:
Дарья Османова
Лобар Исламова
Саида Сулайманова
Ромина Тулякова

Ушбу нашр Европа Иттифоқи кўмагида тайёрланди. Мазкур нашр мазмуни Anhor.uz масъулияти остида бўлиб, Европа Иттифоқи нуқтаи назарини акс эттирмайди.
Made on
Tilda